Эзоп масалаларида дидактика


Эрамиздан аввалги VI асрда яшаб ижод этган қадимги грек масалчиси Эзоп Лидия шоҳи Крез саройида хизмат қилган. Эзоп масалларининг воқеалари ихчам баён этилиши, ғоявий жиҳатдан пухталиги, мулоҳазаларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Эзоп масаллари Европа масалчилигини шакллантиришда асосий рол ўйнаган. II асрда яшаган Юнон масалчиси Бобрийдан Криловгача Эзоп масалларидан илҳомланганлар ва ўз даврларига мослаб ижодий ривожлантирганлар.


Эзоп ярим афсонавий шахс бўлиб, " масалнинг отаси” нисбати унинг номига нисбатан ишлатилади. Масалларида қадим аждодларнинг ҳаётий тажрибаларидан, халқ оғзаки ижодидан фойдаланиб, маиший, ахлоқий, сиёсий ва бошқа ҳолатларга оид ҳукм-хулосаларнинг умумлашмасини ёритиб берган.  Хусусан, Эзопда шундай масал бор: "Зевс ҳўкизни яратди, Прометей – одамни, Афина – уйни. Учалови кимнинг ижоди мукаммалроқ эканлиги масаласида баҳслашиб қолишди-да, ҳакамликка Момни таклиф қилишди. Уларнинг ижодини кўриб, Момнинг ғайирлиги келди ва деди: "Зевснинг хатоси шуки, ҳўкизнинг кўзлари шоҳида эмас – нимани ва қаерга сузаётганини билмайди; Прометейнинг хатоси шуки, одамнинг юраги ташида эмас, ичида экан – унинг яхши ва ёки ёмонлигини бирдан билиб бўлмайди; Афина уйни ғилдиракли қилмапти – ёмон қўшни тўғри келиб қолса, қочиб кетиб бўлмайди”. Момнинг ғайирлик қилаётганини сезган Зевснинг қаҳри келди ва уни Олимпдан ҳайдаб солди”. Эзоп масалида иккита бешак ҳақиқатни сўзлайди: биринчиси – бу ёруғ оламда мукаммал нарсанинг ўзи йўқ; иккинчиси – ғайирлик инсонга табиатдан хос нарсадир. Булардан келиб чиқувчи яна бир ҳақиқат шуки, Эзопга нисбат берилувчи бу масал қарийб уч минг йиллар наридан яшаб келаётганлигини эътиборга олсак, башарият мазкур ҳикматларни ҳам, ғайирликнинг номақуллигию бундайин феъл Олимпдан қувилишига лойиқлигини ҳам Мом азалдан билади. Лекин, "хом сут эмган банда” дейишади-ку, бандалик-да...
Эзопнинг яна бир масали "Бургут, зоғча ва чўпон”ида бургутнинг олғирлигига кўролмаслик билан кўз олайтирган зоғчанинг фожиа билан интихо топган ҳаёти баён қилинган бўлиб, масал сўнгида қиссадан ҳисса тарзида шундай дейилган: "Алқисса, ўзингдан зўрроқлар билан белашаман деб чиранганинг билан ҳеч иш чиқараолмайсан, кулги бўлганинг қолади, холос”.
Эзоп масалларининг тарбиявий кенг бўлиб, кичик бир воқеа асносида жуда кўп маъноли фикрларни англаш мумкин. Хусусан, қаттиқ жанжалдан сўнг, орага юмшоқ мулойим муомиланинг кириши қийин бўлишини масалчи қуйидаги масалда келтирган: "Илон деҳқоннинг ўғлини чақиб нобуд қилди. Ғам-андуҳдан ўзини йўқотган ота илон бош чиқаргандаёқ қасдини олиш ниятида қўлида ўткир болта билан уяси олдида жилмай ўтирди. Ниҳоят, илон бош чираши ҳамоно деҳқон болтани шундай зарб билан урдики, илонга текизаолмагани ҳолда уя оғзидаги тошни қоқ иккига бўлиб қўйди. Кейин, бир оз шаштидан тушгач, деҳқон дилини қўрқув эгаллади, илонга ярашишни таклиф қилди. "Йўқ, – деб жавоб қилди, илон – қоқ иккига бўлинган тошга қараб, мен сенга яхшилик соғинмаганимдек, сен ҳам ўғлингнинг қабрини кўриб, туриб менга яхшилик тилашда ожизсан!”. Алқисса, орага тушган кучли адоватдан сўнг ярашиш осон бўлмайди”. Халқимизнинг ажойиб бир мақоли бор: "Тиғ яроси битса ҳам, дил яроси битмайди”. Ўйламай қилинган хато, ўйламай айтилган сўзнинг охири ҳаргиз ҳайрли бўлмайди. Бу тарбия ҳаётимизда "дастур-ул амал” бўлиб хизмат қилмоғи даркор.
Эзопнинг "Қуёнлар ва бақалар” номли масалида бахтсизман деб, ўзига ўлим тиловчи кимсаларга шукр қилиб, ўзидан ҳам ожиз кимсалар ҳаётда яшаётганини эслатиб ўтади. Яъни масалда қуёнлар қўрқоқ бўлишганидан пушаймон бўлишиб, ўз жонларига қасд қилишга жазм этишади. Бироқ бақаларнинг қўрқоқлигини кўришиб, бу аҳмоқона фикрдан воз кечишади. Масалга хулоса қилиб, Эзоп шундай дейди: "Алқисса, бахтсизман деб ўкиниб юрган кишилар ўзиларидан-да, бахтсизлар ҳолига назар солсинлар”.
Эзоп бадфеъл кимсаларни ғеч бир жазо тузатиб бўлмаслигини "Чумоли” масалида асослаб беради. Унга кўра, чумоли дастлаб одам бўлиб, деҳқончилик билан шуғулланган экан. Аммо у топганига қониқмай, қўшниларига ҳасад қилиб, уларнинг даласига ва ҳирмонига тунлари ўғирликга тушар эди. Бундан ғазабланган Зевс уни чумолидай ожиз жониворга айлантирибқўйса ҳамки, у эски ҳунарини қўймай, тун-у кун уясига дон тўплаш билан овора. Хулоса қилиб, бадфеъл одамнинг ҳеч қандай жазо тузата олмайди – дея Эзоп ўз масалини тамомлайди. 
Адибнинг ҳикматли масалларидан яна бирида хасис инсонларнинг қилмишларини кечира олмай, аччиқ сўзларини айтишга, заҳрини сочишга, улар устидан кулишга ва бундай зиқна кишилар тоифасидан бўлиш, инсон бошига кўп ғавғоларни олиб келишини қуйидаги масалида шундай баён қилади: "Бир хасис мол-мулкини сотиб, пулига ёмби олтин сотиб олди-ю уни девор тагига кўмиб қўйди: ҳар куни келиб хабар олиб кетадиган бўлди. Шунга яқин жойда мардикорлар ишлашарди: улардан бири хасиснинг келиб-кетишларига разм солиб, гап нимадалигини фаҳмладида, хасис кетгач, тиллани олиб қўйди. Эртаси куни хасис келиб кўрсаки, тилла йўқ: ўзини уриб, сочини юлиб дод-вой қила бошлади. Кимдир унинг бу ҳолини кўриб, нима гаплигини сўраб билгач, деди: "Кўп куйинма, каттароқ тошни олгину тилланинг ўрнига қўй – ўшани, тилла деб фараз қилсанг бас! Барибир эмасми, ахир, бу ерда тилла турганида ҳам сарфламасдинг-ку?” Адиб масалида хулоса ўрнида шундай дейди: "Алқисса, давлатинг бўлса-ю, корингга яратмасанг – унинг бори нимаю йўғи...” . Бахл одамнинг доимо йиққан бойлиги ўзгаларга насиб этади. 
Дунёда баъзи бир инсонлар фақат яхшилик қилсаларда, ёмонлик кўриб яшайдилар. Эзоп тақдирнинг бу шавқатсизлигими ёки синовими бўлган ҳодисани "Ёнғоқ” масали мисолида таҳлил қилади. Масалда келтирилишича бир бечора ёнғоқ ҳар йили ўзига азоб берувчи мевалар етиштириб, эвазига йўловчилардан калтак ерди. Яхши инсонлар ҳам баъзида худди ёнғоқ каби ўзгаларга яхшилик қилишиб, эвазига нуқул ёмонлик кўришиб, азоб чекадилар. Шу сабаб адиб яхшиликнинг қадрига етмайдиган кишиларга яхшилик қилиб, ундан мурувват кутиш бефойдадир.
Эзоп масалларида дидактика кучли бўлиб, аксарият масалларида жонзотлар образи орқали инсонларга ибрат бўлувчи воқеаларни баён қилган. Фикримизнинг далили сифатида "Хачир” масалидаги хулосани келтирамиз: "Билгилки, тасодиф сени юксакларга кўтарганда ҳам аслинг кимлигини унутма, зеро, ёруғ дунёдаги мартабаю ҳашаматлар ўткинчидир”. Яна бир масалида, баъзи бир адолатсиз, золим кишилар бошқаларга зуғм қилишади-ю, ўзларига келганда, адолат ва ҳалолликдан оғиз кўпиртирадилар. Бунга мисол қилиб файласуф "Шер билан бўри” масалини келтиради.
Зебинисо Сапарова  
O’zLiDeP Сурхондарё вилояти
Кенгаши ходими


Комментарии

Популярные сообщения из этого блога