Афсунгарнинг махфий сири
(Мистик-фантастик қиссадан парча)
ЛАТИФ
ОЛАМ СИРЛАРИ

Тунлари ғалати
тушлар кўра бошладим. Қизиғи шундаки, кўпчилик тушларим деярли ҳаётда такрор
рўй берарди. Мен бир неча бор дўстларимни қутқариб ҳам қолдим. Кундан-кунга
хаёл билан ҳаёт ўртасидаги фарқни сезмай қола бошладим. Тунлари ухлаб ётсам-да,
уйғоқ одамдай сергак эдим. Бора-бора кечалари мижжа қоқмай чиқадиган бўлиб қолдим.
Қулоғим остида кимдир нотаниш тилда қандайдир сўзларни айтар, мен эса
такрорлардим. Фақатгина тўлин ой бўлган кечадагина мириқиб ухлашим мумкин эди.
Махсус вакил
эканлигимни билишимга сабаб бўлган воқеа қуйидагича рўй берганди. Кунларнинг
бирида, қиш оқшомида дарс тайёрлаб ўтирганимда доимгидек танамни оқ шарпа ўз
исканжасига олди. Мен бу гал бақиришга улгурдим. Ота-онам хонамга отилиб
киришди. Мен уларга ойнани кимдир
тақиллатгандай туюлганини айтдим. Меҳрибон ойижоним ухлаб қолгунимча бошимда
ўтирдилар. Отам уй атрофини айланиб келгач, ҳеч ким йўқлигини айтиб, мени
тинчлантирдилар.
Кўзим энди уйқуга
кетганда аввал олис, сўнг жуда яқиндан нотаниш овоз исмимни айтиб чақирарди.
Овозидан йигит ёки қизлигини билиш мушкул эди. Товуш жуда ёқимли бўлиб, худди
алла овозидек жарангдор эди. У фақат исмимни такрорласа-да, бу менинг жиғимга
тегиб, жаҳлимни қўзғатмас, аксинча, менга ҳузур бағишларди. Тўсатдан ”Лалнигор” деган кучли чанқириқдан сергак
тортиб, “ҳа” деб жавоб берганимни сезмай қолдим.
-Сен бизнинг оламнинг
махсус вакилисан. Ер ўз мувозанатини сақлаб туриши учун, кўплаб ўзга оламлар
инсонлар орасидан ўзларига махсус вакил сайлаб олишади. Бунинг сабабини ва
оламимиз ҳақида кейинроқ бафуржа тушунтириб бераман. Ҳозир саволларинг бўлса,
марҳамат, беришинг мумкин, -деди у.
Мен кутилмаган бу
хитобдан шошганча ўйлаб ҳам ўтирмасдан
ҳаёлимга келган биринчи саволни бердим.
-Исмингиз нима?
-Исмим 19.25.
Бизда исмлар саноқ сон билан ишлатилади. Агар хоҳласанг, ўзингга ёққан исм
билан мени чақиришинг мумкин.
-Ростданми? Унда
сизнинг исмингиз Шакира бўлади. Чунки Шакира менинг севимли хонандам. Иложи
бўлса, кўзга кўрина олмайсизми?
-Бунинг ҳозирча
имкони йўқ. Сен мендан қўрқмасанг ҳам бўлади. Сенинг асосий вазифанг инсонларни
хавф-хатардан огоҳ этиш ва танангдан вақти-вақти билан фойдаланишимизга рухсат
берсанг бўлгани.
-Нима-нима? Бу
нима деганингиз? Танамдан фойдаланиб турасизлар?
-Сен асло
қурқма,биз ерда ўз фаоллиятимизни олиб боришимиз учун, бизга моддий вужуд керак
бўлади. Кечалари ухлаганингдан сўнг, танангдан фойдаланиб, хотирангдаги
ахборотларни қабул қилиб оламиз.
-Сизларнинг
оламингизга ҳам ташриф буюра оламанми?
-Бу қийин масала.
Чунки руҳ оламлар аро юриши учун танадан халос бўлиши даркор. Аммо яна бошқа
йўллари ҳам бор. Айтганларимизни бажарсанг, бизнинг оламга бора олиш имконига эга бўласан. Энди эса
тезроқ ухла, биз ишни бошлашимиз лозим.
-Хайрли тун.
-Хайрли тун. Яхши
тушлар кўр.
Кўзларимни
юмганимдан сўнг бошқа хеч нарсани эслай олмадим. Шу воқеадан сўнг ҳаётим тубдан
ўзгарди. Исми шартли тарзда Шакира бўлган ўзга оламлик ўртоғим билан ҳар тунда
сухбатлашардик. Унинг сўзларига кўра, бизга параллел бўлган ёвуз олам бўлиб,
уларнинг ҳужумидан бизни асраш учун, бошқа оламлар тинмай тер тўкишар экан.
Шакира йиллар ўтиши билан сен кучли сехргар бўласан, деб мени ишонтирарди.
Ниҳоят, ўқиш ҳам
тугаб, имтиҳонлар бошланди. Мен барча фанлардан аъло бахолар олаётганим боис,
жуда хурсанд эдим.
Кунларнинг бирида
эртанги имтиҳонга тайёрланиб бўлгач, сирли дугонамни кута бошладим. Атрофда
Шакиранинг ваҳима билан исмимни айтиб чақирган овози эшитилди. Мен жавоб
бергач, Шакира чуқур нафас олиб сўзлай бошлади:
-Кутилмаган
кескин воқеа юз берди. Ўлимга ҳукум этилган ёвуз олам вакили қочиб, ер
саёрасида яширинишга мувоффиқ бўлибди. Бу ҳолат инсонлар учун хатарлидир. У жим
бўлиб қолди. Бундан фойдаланиб, унга савол бердим:
-Бу нарсаларни
нега менга айтаяпсиз? Менинг қўлимдан нима ҳам келарди?
-Ўзингга жуда
паст бахо бериб юбординг. Сен хатто биз бажара олмайдиган ишларни-да бажаришга
қодирсан. Агар қўрқмасанг, инсон қиёфасида кўринмоқчиман.
Мен хурсанд
ҳолатда нима дейишни ҳам билмай довдираб қолдим. Ниҳоят, тилим айланим шундай
дедим:
-Албатта,бундан
бениҳоя мамнун бўлардим.
Атроф бирдан
ёришиб кетди. Гарчи чироқ ўчган бўлса-да, ётоқхонам жуда хам ёруғ эди. Кўз
ўнгимда сочлари тилла ранг узун, кўзлари мовий XVIII аср француз аёлларининг либосини
эслатувчи либосда бениҳоя сулув қиз қаршимда менга ним табассум қилиб турарди.
У бир оз ўзимга келгач, кўк ва яшил матодан безакли қилиб тикилган бежирим
кўйлагини ерда судраганча менга яқинлашди. Унинг кўзлари денгизниинг мовий сувини эслатарди. Ҳар
қараганимда унга тобора меҳрим ортиб борайтганини ҳис қилардим. У аста
қўлларимдан тутиб, майин овозда деди:
-Сен мен
ўйлагандан кўра жасурроқ қиз экансан. Сени махсус вакил қилиб сайлашганда мен
қарши чиққандим. Бироқ энди нотўғри қарор қабул қилганимни тан оламан. У менга
яна бир қараб олди-да, сўзни нимадан бошлашни ўйлаб туриб жиддий қиёфада сўзини
давом эттирди:
-Биламан, менга бермоқчи бўлган саволларинг
бисёр. Аммо ҳозир вақт жуда зиқ бўлгани боис, сенга кўп нарсаларни айта олмайман. Шунинг сабаб
сенга нима топшириқ топширилган бўлса, шуни айта оламан, холос.
Мен унинг сўзини
бўлиш одобсизлик эканини билсам-да, ер юзига хавф солувчи ким эканлигига жуда
қизиқанимдан, бирин-кетин савол бера бошладим:
-Бизнинг она
саёрамизга хатар туғдираётган мавжудот ким ва унинг қўлидан қандай ишлар келиши
мумкин?
-У жуда хатарли,
унинг исми Азман, махлуқнинг оёқллари
узун ва туёқли, қулоқлари шалпайган, узун думи, кир босган ваҳшиёна
тирноқлари, танасини қоплаган жун уни жуда хам қўрқинчли қилиб кўрсатади. Ер
сайёрасида ҳамтовоқлари билан бирикса, енгиб бўлмас кучга айланиши мумкин. У
ҳар қандай инсон танасидан бемалол фойдаланиш имконига эга. Фақат сенинг
танангдан фойдалана олмайди.
-Азман ота-онамнинг
хам вужудидан фойдаланиши мумкунми?
-Албатта,
бироқ биз бунга йўл қўймаймиз. Сен бир
оз фурсатга бизнинг оламда яшаб турасан.
-Қандай яхши.
Аммо ота-онам хавотир олишади-да.
-Буёғини ўзим ҳал
қиламан. Сен бизнинг оламда устоз қилиб сайлангган киши билан доимо бирга
юрасан.
-Мен розиман.
Ақлли қиз бўлиб, барча айтганларингизни қиламан.
-Эртага устозинг
билан таништираман. Ва биз билан саёҳатга чиқасан. Ота-онангга арзирли баҳона
топишимиз зарур. Ҳозирча ётиб дамингни ол. Мен ҳам ўз ишимни бошлайман.
-Хайрли тун.
Сизни жуда яхши кўраман.
Кўзларимни
юмганимда, пешонамда унинг қайноқ лабларини ҳис қилдим. Унга яна нимадир
демоқчи бўлдим-у, унинг иш билан банд эканлигини кўриб, жимгина ухлашга қарор
қилдим. Тонгда ойимнинг эркалаб чақиргар овозидан уйғондим, тез-тез имтиҳонга
таёрлана бошладим. Бу гал хам имтиҳонни аъло баҳога топшириб бўлгач, уйга томон
шошилдим. Эшикдан кирар эканман, Шакиранинг хандон отиб кулаётган овозини
эшитиб, эсанкираб қолдим. Ўзи барча нарсани сир тутишни тайинлаб, нега энди ота-онамга куюнчалик билан нималарнидир
тушинтираётганидан ҳайратда эдим. Бугун дам олиш куни бўлмаса-да, ойижонимнинг
туғилган куни бўлгани боис, улар вақтлироқ
уйга келишганди. Ойижонимга
йиғиб қўйган пулларим эвазига ажойиб ҳамён сотиб олгандим. Улар билан
кўришгач, ойим ошхона томон бораркан, менга изимдан юр деб имо қилдилар.
Волидам ошхонага киргач, кўзларимга ҳайратланиб қарадилар ва бирданига
қўлларимни ушлаб дедилар:
-Сен у қизни
танийсанми?
Энди хаммаси
тамом бўлган ота-онам барча сирлардан хабардор эдилар. Мен бир оз иккиланиб
тургач, тўғрисини айтишга қарор қилдим. Чунки ота-онамга хеч қачон ёлғон
гапирмагандим.
-Ҳа, у қизни
танийман, у менинг сирдош дугонам бўлади. Ўзи анча вақтдан бери сизларни
таништирмоқчи бўлиб юргандим. Қолган сўзларни айтишга тилим бормади. Ойижонимни
хафа қилиб қўйишдан жуда қўрқардим.
-Унинг хаётини
асраб қолган экансан. Ўртоғинг бошқа вилоятда яшаркан, уйига таклиф қилаяпти,
имтиҳонларинг тугади, бориб келсанг ҳам бўлади. Бироқ... Ойим айтишга муҳим ва
жиддий сўзларни топишга уринаётгандай, атрофга умид билан қарарди.
Мени ойимга раҳмим келиб кетди. Меҳрибонимни бағримга босиб, ҳеч қаёққа
бормайман дегим келди-ю, аммо мен қилишим керак бўлган ишлар кўп ва у
инсонларнинг тақдири билан боғлик
эканлигини ўйлаб ўзимни босдим.
-Ойижон, ўзи
таклиф қилиб келган экан, бормасам, уят бўлади. Қолаверса, имтиҳонлардан бўшаб,
дам олсам, зарар бўлмасди. Атига бир неча кунга бориб келаман, холос.
-Тўғри айтаяпсан,
Сурхондарёга бориб, у ердаги инсонлар билан танишиб кела қол. Отангни ҳам бунга
ўзим кўндираман.
Мен хурсанд
бўлганимдан, ойижонимни қучоқлаб тинмай сакрардим. Биз хонадан чиққанимизда,
отам меҳмонга нима жавоб қилишни билмай, ноқулай аҳволда ўтирар эди. Ойим
мехмонга деди:
-Биз қизимизни
уйингизга, яъни Термизга юборишга розимиз.
Шакира қувониб,
ўрнидан туриб, ота-онамга миннатдорчилик билдирди. У бугун ойимнинг туғилган
куни бўлгани боис, мехмондорчилликда қолиб, эрталаб йўлга чиқишга рози бўлди.
Мен ойижонимни туғилган кунлари билан табриклаб,олган совғамни топширдим.
Шакира ойижонимга ифор ҳидли атирни совға қилди. Отам доимгидек бежирим тилла
тақинчоқ совға қилдилар. Анча вақтгача хурсандчилик қилиб ўтирдик. Отам шампан
виносини очиб, дил сўзларини айтиб бўлгач, қадахларни кўтардик. Мен шарбатли
қадаҳни кўтардим. Ўртоғим номигагина шампан виносидан тотиб қўйди.
Эртага йўл узоқ
бўлгани боис, эртароқ ётоқхонага кирдик. Ойижоним Шакирага алохида жой қилиб
бермоқчи бўлганда, у рози бўлмай, мен билан бирга ётаверишини айтди. Биз хонага
киргач, ўзимни ноқулай сеза бошладим. Шакира буни сезгандай сўз қотди:
-Сен бемалол
жонажон каровотингда ухлашинг мумкин. Мен ҳар галгидек ўз ишим билан машғул
бўламан.
-Ойижоним
бехосдан хонамга кириб қолсалар-чи?
-Бундан хавотир
олмасанг ҳам бўлади. Биз инсонларнинг ўй-фикирларини ўқий оламиз. Лалнигор сен
жуда яхши қиз экансан. Энди сухбатни тугатиб, ишни бошлай қолайлик.
Унинг жуда
шошаётгани туфайли, мен уни бошқа саволлар билан безовта қилмадим ва дедим:
-Хайрли тун.
-Хайрли тун.
Тушингда кўражак оламинг ҳақида баъзи маълумотлардан хабардор бўласан.
Кўз олдим
қороғулашиб, бир-бирига зид бўлган воқеа-ходисаларни кўра бошладим. Ҳаяжонланиб
тез-тез нафас олардим. Тарихда бўлиб ўтган узлуксиз урушларни кўрардим. Қонли
ва суронли жанглар ортида, инсонларни васвасага солаётган иблис малайларини ҳам
аниқ кўрдим. Бир оздан сўнг умуман туш кўрмай қўйдим. Саҳарда ойижоним мени
эркалаб уйғотилар.
Мен керакли нарса
ва буюмларимни олиб, у билан йўловчи машинада йўлга чиқдик. Тошкент
меҳмонхоналарнинг бирида тўхтаб, машинадан тушдик. Шакира ҳайрон бўлиб
турганимни кўргач, ташвишланма деди-ю, қўлида иккита чамадонимни кўтарганча йўл
бошлади. Мен нима дейишни ҳам билмай, унинг орқасидан борардим. Биз навбатчидан
хона калитини олгач, зинадан юқорига кўтарила бошладик. Иккинчи қаватнинг
бешинчи хонаси ёнида тўхтадик. Шакира дастлаб эшикни охиста тақиллатди,
ичкаридан жавоб бўлмагач, ёнидаги калит билан эшикни очди. Биз ичкарига
киришимиз билан спиртнинг бадбўй иси димоғимизга урилди. Мен қўлим билан
бурнимни бекитганимни кўрган Шакира “уҳ” тортиб қўйди. У атрофга аланглаб
қараб, кимнидир қидира бошлади. Кейин мени
бир четга ўтирғизиб қўйди-да, ўзи ётоқхонага кириб кетди. Бир оздан сўнг
ичкаридан мен тушинмайдиган тилда эркак киши билан тортиша бошлаган Шакиранинг
овози тобора баландлашиб борарди. Улар анча вақтгача бақирганча тортишиб
туришди. Бироқ қўқисдан нима сабаб
бўлди-ю, жим бўлиб қолишди.
Хонада мендан
бошқа ҳеч ким йўқдай ўлик сукунат хукумрон эди. Мен зериканимдан йиғлагудай бир
ахволда тушдим. Шу вақтда Шакира бирдан қаршимда пайдо бўлди. Унинг бир зумда
қаршимда пайдо бўлиб, қолганига сира хам ишонгим келмай, ҳайрат кўзлари билан
маюс унга боқиб туравердим.
У барча
воқеаларни қайси йўл билан тушинтиришни билмай, бир оз тараддудланиб тургач,
оҳиста деди:
-Биламан,
Лалнигор, биринчи бор менга ишонч билдирганингга пушаймон қилмоқдасан. Аммо сен ҳеч ҳам
безовта бўлма, мен сухбатлашган инсон сен каби оламимиз вакили бўлиб, исми
Рустам, касби еса шифокорлик, баъзида шундай ичиб туради.
Мен нима дейишни
ҳам билмай, тушундим дегандек бошимни қимирлатиб қўйдим. Қанча вақт ўтганини
англай олмай гангиб турганимда, хаммомдан оқ халатли, Шакира “Рустам”-деб
таништирган ёши йигирма бешлар атрофидаги келишган хушрўй йигит чиқиб келди.
Шакира бизни бир-биримизга таништиргунча тунд қиёфали Рустам ака ширакайф
кўзларини олайтирганча менга ёмон қараб турди. Мен хеч қачон мунақанги
вазиятга тушишимни кутмаганимдан нокулай
аҳволда колиб, бармокларимни асабий ўйнай бошладим. Шакира сўзлашдан тўхтагач,
Рустамга ўтиришни таклиф қилди, ёнимга келиб, мехрибонлик билан қўлларимни
сиқиб қўйди-да деди:
-Ўртоқжон, Рустам
бундан буён сенинг устозинг бўлади. Унинг феъли оғир бўлса-да, ўзи яхши йигит.
Сенга сеҳргарликнинг барча сир-асрорларини ўргатади. Менга берадиган
саволларинг бўлса, марҳамат.
-Оламингиз ҳақида
сўзлаб берсангиз.
-Бизнинг олам
латиф олам бўлиб, ундаги мавжудотлар ўзига хос ҳилқатлардир. Улар исталган
жойга бир зумда етиб олишлари мумкин. Биз инсонларнинг жисмидан эзгу мақсадлар
йўлида фойдаланамиз. Бироқ баъзи оламлар ҳам борки, ундаги мавжудотларнинг қўлидан
фақат ёмонлик, ваҳшилик қилиш келади, холос. Бизнинг дунёда вақт тушунчаси
мавжуд емас. Оламимиздаги ҳаёт боқий бўлиб, ўлим, касаллик, ғам-қайғу
бегонадир. Мен ҳам ҳозир XVIII асрда яшаб ўтган француз аёлининг жисмидан
фойдаланиб турибман. Сеҳр билан биз инсонлар танасини қайта тиклай олиш
қудратига эгамиз. Либосим инсонлар эътиборини
тортмаслиги учун, сенинг баъзи кийимларингдан фойдаландим.
Зебо Зейнур
Сапарова Зебинисо
Комментарии
Отправить комментарий