АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “ЛИСОН УТ-ТАЙР” (“ҚУШ ТИЛИ”) АСАРИ БУГУНГИ БАРКАМОЛ АВЛОД ТАРБИЯЧИСИ СИФАТИДА

Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир.

ИСЛОМ КАРИМОВ

Миллатимизнинг маънавияти ва маданиятига ўзининг улкан ва беқиёс ҳиссасини қўшган улуғ сиймо Алишер Навоий ҳазратларининг бебаҳо илмий меросини қанча ўргансак, шунчалик оздир. Бугунги кунимизда бу даҳо инсон ижодини Америка, Англия, Ғарбу Шарқ ўрганмоқда ва мутолаа қилмоқдалар.


Истиқлолимиз шарофати туфайли даҳо санъаткоримиз асарлари жаҳон адабиётининг дурдона асарлари сафидан жой олди. Бу борада бобокалонимиз ижодининг толмас тарғиботчиси ҳурматли юртбошимиз Ислом Каримовнинг хизматлари катта бўлмоқда. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келган. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий-маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга айланади”.   

Туркий адабиёт асосчиси буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўзининг “Лисон ут-тайр” таълимий-ахлоқий асарида комил инсонга хос бўлган хислатларни келтиради. Комил инсон бўлиб етиши учун ҳар бир бола тарбиясида миллий маънавиятимиз қадриятлари сингдирилган буюк алломаларимиз асарларининг ўрни беқиёсдир. Донишманд шоиримиз Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр достонида ҳам маънолар хазинасини ўзида жо қилган ҳикматлар яшириндир. Ҳар бир байт, ҳар бир саҳифа илм нури билан тўладир. Ёш авлод вакили достонда келтирилган қисса, ҳикоятлар ва тамсиллардан ўзига тўғри хулоса чиқариб олиши ҳамда ҳаёти давомида яхши амалларга риоя қилиши мақсадга мувофиқдир. Бизга яхши маълумки, нафс ва олтинга бўлган ҳавас, ишқ инсонларни ҳароб қилади. Кимки умрини бойлик йиғиш билан ўтказган бўлса, бутун ҳаёти ҳатто бир гулнинг очилиб, хазон бўлгунига қадар ўтган фурсатчалик ҳам қадри бўлмайди. Киши умри мобайнида фақатгина моддий эмас, маънавий хазинасини ҳам тўлатиб бориши лозим. Улуғ бобокалонимиз Навоийнинг ушбу ҳикоятлари ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Ҳикоят будур:


“Басра шаҳрида лаиме бор эди,
Бебасарлиғ фаннида динор эди.

Майли жамъ айларга динору дирам,
Ул сифат ғолибки, Ҳотамга –карам.

Кўп машаққатлар била дуни лаим,
Бир-бир узра жамъ айлар эрди сийм.

Ончаким жамъ ўлди бир махзан анга,
Ер тубида айлади мадфан анга.

Бовужуди мунча нақд ул дунхисол
Тўниға тикмиш эди гардун мисол –

Беадад махфий дирамлар ҳирси шум,
Кундуз андоқким фалак ичра нужум.

Ким булардиндур манга тан қуввати,
Ўйлаким тан қуввати –жон сиҳҳати.

Иттифоқо бир кун ўлди манзили,
Молнинг савдода судидан таом.

Бўлди дарёда иликни юрда ҳам,
Чун оғирлик қилди бир сори дирам.

Тушди дарёға лаими дунсиришт,
Чекти қаърига они ул феъли зишт.

Толпиниб кўп зоҳир этти изтироб,
Ким биров солғай онинг сори таноб.

Махласиға майл кўгузгунча хайл,
Кўпрак этти баҳрнинг қаърига майл.

Чун оғир эрди дирамдин лангари,
Сув тубин тутти садафдек гавҳари.

Сиймдан етти бу офат жониға,
Тушти яғмо махзани пинҳониға.

Сийм йиғмоққа натижа бўлди бу,
Сен онинг савдосидан илкингни ю(в).

Мутлоқ онинг сори майл этма яно,
Ким талотумда эрур баҳри фано”.

Достонда яна шоиримиз инсонларни бир-бирига муҳаббатли, дўстига садоқатли бўлишга даъват этади. Навоий фикрича, киши фақатгина ҳалол меҳнати ва илм нури туфайли “комил инсон” мақомига эришади. У асарида яна бахт йўлига олиб борувчи кўприк илм дея ҳисоблайди. Навоий ҳазратлари ўз достонида илмдан боҳабар бўлган одамгина инсонларга доимо фойда келтиради, разил ишлардан қўлини тортади, деб уқтиради. Асарида шоиримиз илм олиш йўлида чекилган риёзотни дунёдаги барча хузур-ҳаловатдан устун қўяди. Чунки инсон билим сабаб, жаҳолат гирдобидан халос бўлиб, илм чашмасига етишади. Навоий достонида инсоний фазилатларни қуш тилида баён этиб, кишиларни сабрли, саховотли, камтарин, вафоли, одобли ва ватанга садоқатли бўлишга чорлайди. Хусусан, бир ҳикоятда шоир комил сифат инсоннинг бахтга эришуви, ёмон хулқли киши ўз жазосини олиши  ҳақида ибратли ҳикоя келтирган. Ҳикоя булдур:
           “Бир йўл аро икки ўртоқ кетиб борарди. Улардан бири йўлсиз, иккинчиси эса тариқат билимдони эди. Бири нуқсонли, иккинчиси эса комил сифатлар эгаси бўлиб, унисининг оти Мудбир (“бахтсиз”), бунисининг оти Муқбил (“бахтли”) эди. Улардан ҳар бирининг исми жисмига муносиб бўлганидек, жисми ҳам исмига мос эди. Муқбил илоҳ аҳллари ҳақида, диндаги комил ва огоҳ кишилар тўғрисида сўз айтса, Мудбир эса будни васф этувчи кофирларга ўхшаб фақат нуқсон аҳли ҳақида сўз юритарди. Униси дарду ўртанишлардан гапирса, буниси ялтироқ ташқи кўринишлар ҳақида валдирар эди. Шу тариқа улар бир-бирларидан ҳеч баҳра топмай, йўлда давом этишарди. Улар қаршисида бир гўзал шаҳар намоён бўлди. Ҳамроҳлар уни ғанимат билиб, тезда бир-бирларидан ажралиб кетдилар. Муқбил фақрлар турадиган кўчага, Мудбир эса кўнгилочар уй – фоҳишахонага йўл олди.
           Мамлакат шоҳи Муқбилга юз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, уни кўргани келди. Шоҳ у билан суҳбатлашиб турганида ёмон хулқли Мудбирни бир гуруҳ одамлар судраб келишди ва унинг қилмишидан арз этишди. Айтишларича, бу кеча бир тўда безорилар ичиб, айшу ишрат қуришибди. Улардан бири Мудбирга “Сен бадбашарасан” деган экан, шу сўзи учун бу аблаҳ ўша одамга ханжар уриб, ҳалок қилибди.
Шоҳ буни эшитгач, одиллик кўрсатиб, Мудбирдан қасос олиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Камтар киши Муқбил ана шу тарзда шоҳ суҳбатига мушарраф бўлиб, олий матабага эришди. Худбин Мудбир эса шу янглиғ жазосини топди. Дарҳақиқат, учуқун юксак осмон сари кўтарилади, ялтироқ чивин бўлса ахлат устида қолади”.
“Лисон ут-тайр” достони ёш китобхонларни онгли эътиқод, эътиқодга собитлик, олий мақсадлар учун то тирик экан муттасил курашиш тақозоси руҳида тарбиялайверади. Шоирнинг ёшлар тарбиясига ижобий таъсир этувчи доҳиёна фикрлари достонда кенг ўрин эгаллаган. Асар гарчи тассаввуфий усулда ёзилишига қарамай, ёш авлодни миллий маънавиятимиз билан тарбиялашдаги хизмати катта бўлиши шубҳасиз. Ёш китобхон достоннинг асл моҳиятини англаб етмасада, асардаги шоирнинг фалсафий, ахлоқий ва маънавий фикрлари билан танишади. Бу эса унинг келажакда ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишида маслакдош бўлади. Бу достон ёш авлодга буюк сўз санъаткори Навоий ижоди билан яқиндан танишиш имконини беради. Шу маънода жаҳондаги энг буюк тўрт шоирнинг бири янглиғ тан олинган бу улуғ зот Алишер Навоий ҳазратлари қаршисида бизга қолдирган буюк илмий мероси учун чуқур ҳурмат билан ҳар биримиз бош эгиб таъзим қилишимиз ҳамда миннатдор бўлишимиз лозим.

Сапарова Зебинисо Давлат қизи
O’zLiDeP Сурхондарё вилояти

Кенгаши ходими

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога