Она қашқирнинг сўнгги ови
Саҳро ўзининг бешавқатлигини яна бир бор исботлади.
Чўлнинг энг йиртқич жонзотларидан бири бўлган бўрилар, бу гал ҳам овда ўлжасиз
қайтишга мажбур бўлишди. Тўдадан олдинда она қашқир, баҳорнинг туҳфаси бўлмиш,
эндигина униб чиқаётган, саҳронинг барча машаққатларига дош берган тиконзор
оралаб, силаси қуриганча, бу сафар ҳам инига қуруқ қайтмоқда эди. Она бўрини
узоқдан таниган тўрт нафар бўриваччалар инларидан чиқиб, у томон талпинишди. Бўриваччаларнинг
очиққанидан, терилари устихонига ёпишиб кетганди. Она бўрининг елинига осилиб,
камшанаётган болалариларини тўйдиришга, она қашқир шу онда қодир эмасди. Оналик
инстикти сабаб, болалари азоб берса-да, у тинч ётарди. Гарчи ҳозир баҳор
ойининг илк кунлари бошланган бўлса-да, тунлари ҳали ҳам ўзининг изғиринли,
фақат саҳрога хос бўлган этни жимирлатадиган шамолини сақлаб қолганди. Ниҳоят
тонг ҳам отди. Саҳар чоғи чўл ўзининг бутун борлиғини ва гўзаллигини намойиш
этаётган бўлса-да, оч-наҳор бўлган она бўри ва бўриваччалар учун табиат тароватининг
аҳамияти йўқдек эди гўё. Уларнинг ҳаттоки қайтиб, ўз инларига киришларигада
мадорлари қолмаганди.
Заифларни сариқ аждарходек ўз комига тортувчи
бешавқат саҳро кенгликлари узра яна бир тонг отиб бўлди. Қуёшнинг иссиғи танани
куйдиргани сабаб, она бўри истамайгина бошини қизий бошлаган қумлоқдан кўтарди.
Унинг энди ёшликдаги куч-қудрати унут бўлган, кексалик ўз ишини қилмоқда эди.
Бир вақтлар тўдани нақадар эпчиллик билан бошқарган, куч-ғайратга тўла урғочи бўри
ночор ва заиф ҳолатда қолганди. Агар у инсон бўлганида, балки ҳаётининг ширин
лаҳзаларини хотирлаб, иссиқина чой хўплаб, ўз уйида ғам-ташвишсиз қарилик
гаштини сурган бўлармиди?!..
Бироқ у бўри яъни йиртқич ҳайвон, бунинг устига ёш
болалари бор, она бўри эди. Табиатнинг сир-синоатга тўла, ҳар қадамда ажал
пойлаб ётган, бу беҳудуд саҳро кенгликларида кун кўриш жуда оғир эди. Бу аччиқ
ҳақиқатни теран англаган чўл бўриси, бўғинларидаги оҳирги кучни тўплаб, қаддини
тиклади. Бўриваччаларини оҳиста озор бермасдан тишлари орасига олиб, инига
ташиб бўлгач, судралганча, мадорсиз панжалари изини жазирама қумлоқда
қолдирганча, сўнгги овга йўл олди.
Мирзачўлда ҳаёт қайнарди. Қишлоқ одамлари баҳорнинг
майин тонгги шаббодасидан баҳра олиш билан бирга, ўз дала юмушлари билан машғул
эдилар. Чўлнинг машаққатлари ва инчиқликларига кўникка бободеҳқонлар, пешоналаридан
оқаётган реза терни сидириб, бир он тин олгач, яна ўзининг мўжизакор қўллари
билан ерга ишлов беришга киришардилар.
Қишлоқдан анча олисда, чўпонларнинг қорайиб бўйрадан
тўқилган капалари кўриниб турарди. Қўрадаги қўйларини одатдагидек яйловга олиб
чиққан, Ориф чўпон анча хушёр эди. Аслида бу хушёрликни сабаби, бўрилар эрта баҳор
чоғида, очликдан вахшийлашиб кетишини, ўзининг ҳаёт тажрибасидан англагани боис, ов милтиғини ҳам ўзи билан
бирга олиб юрарди. Ёнида қадамба-қадам кетаётган доимий йўлчи ҳамроҳи Олапарга
майин жилмайганча, таёғини қумлоқ узра сермаб борарди.
Қўйлар подасини манзилига олиб келгач, яйлов узра
ёйиб юборди. Уларнинг иҳтиёрини итига топширгач, бироз ҳордиқ чиқариш мақсадида,
қумлоқ майсалари устига чопонини ечиб ёйди. Ёнбошлаб олгач, чанқоғини қондириш
ниятида, белидаги мешкобини олиб, муздек қудуқ сувидан сипқорди. Чўпонлар ҳам
ҳудди савдо карвонларидаги сарбонлардек, саҳрони сир-синоатини пухта билишади.
Ҳаётида аёлини йўқотган Ориф чўпон қўйларини, айниқса
эндигина туғилган қўзичоқларни ўз боласидек асраб-авайларди. Гарчи подада юздан
ошиқ қўйлар бўлса-да, ҳар бирининг феълини яхши ўрганиб олганди.
Фарзандлари ўқимишли бўлишиб, ота касбини танлашни
исташмади. Шаҳарларни орзу қилишиб, туғилиб ўсган қишлоғини ташлаб кетишди. Ҳар
ойда бир худди меҳмондек, отани кўришга келиб кетишади холос. Ориф чўпоннинг
борлиғи, дўстлари ва кўнгилдаги кишилари бир пода қўйлар ва содиқ ити Олапар
эди. Ориф чўпонни уйқуси ҳам касби сабаб, сергак бўлиб қолганди. Шу туфайли
итининг дастлабки хуриш овозиданоқ сергак тортди. Қўлларига ов милтиғини олганича,
дарҳол ўқлади. Ориф чўпон чопганча яйлов томон кетди. У ҳаёти давомида бўрига
бу қадар яқин келмаганди. Қашқирнинг важоҳати, унинг урғочилиги, бунинг устига
яқинда болалаганидан дарак берарди. Ориф чўпон она бўрилар ўлжасиз ортга
қайтмаслигини яхши биларди. Гарчи қашқир йиртқич бўлса-да, у ўз номи билан она
бўри эди. У ҳам одамлар сингари болалари ва ўзининг қорнини тўйдириши, эртанги
кунига озиқ ғамлаши шарт эди. Шунинг учун у оҳирги кучида ов қилишга чиранаётганди.
Ориф чўпон она бўрини ўлдиришни истамасди. Қашқирни
қўрқитиш мақсадида, осмонга қарата бир неча бор ўқ узди. Она бўри гарчанд қўрқиб,
бир неча қадам нари кетган бўлса-да, очлик азоби сабаб ортга қайтишни истамади.
У ҳам рақибларини қўрқитиш илинжида, сўйлоқ тишларини кўрсатганча ирриллади.
Айни дамда саҳронинг жазирама иссиғи аёвсиз қиздирарди. Ориф чўпон биринчи
бўлиб хужумга ўтди. Итига “Ол, Олапар” –дея буйруқ берди. Ит ва она бўри
ўртасида ҳаёт-мамот жанги бошланди. Она бўри дастлабки сониялардаёқ, мадорсиз
бўлгани боис, ортга чекина бошлади. Шу вақт кутилмаганда, чўлнинг яланглигида озғин
ва мадорсиз эркак бўри пайдо бўлди. У ҳам ўлжанинг ҳидини сезгани сабаб, қондошига
кўмакка шошилди. Олапар бир вақтда иккита бўрига бас келолмай қолганида, она
бўри қўзичоқларнинг бирига хужум қилди. Ориф чўпон бир неча бор ўқ узди. Бироқ
у кеч қолганди. Она бўри қўзичоқни бўйнидан маҳкам тишлаганча тўдадан ажралиб
чиққанди. Ориф чўпон Олапар билан олишаётган бўрини бир неча ўқ билан тинчитди.
“Ол, Олапар”-дея чўпон иккинчи бор буйруқ берди. Олапар қўзичоқни судраб
кетаётган она бўрини изидан шиддат билан қувлаганча чопқиллаб кетди.
Она бўри ўлжаси оғирлиги сабаб, уни ерга қўйгач,
қўзичоқнинг бир оёғини суғуриб олди-да, ини томон бор кучини сарфлаб чопиб
борарди. Олапар она бўрига етиб олганида, у бўриваччаларига ўлжани бериб
бўлганди. Улар ўртасида яна беаёв кураш бошланди. Она бўри болаларини ҳимоя
қилиш учун ҳам жон-жахти билан олишмоқда эди. Ориф чўпон келганида, она бўри
итнинг бўғзидан олганди. Итига бўлган меҳри сабаб, чўпон она бўрига қарата бир
неча бор узган ўқлари, чўл сукунатини иккинчи бор бузди. Она қашқир оғриқдан
уввилаб юборди. Бўриваччалари томон сўннги бора меҳрли қараганича, судралган
кўйи талпинди-ю, шу он жон берди. Она бўрининг кўзларидан оққан ёш, қароғларида
қотиб қолганини кузатиб турган Ориф чўпон аянчли тасодифдан бўриваччаларига
раҳми келганидан, кўзларига ёш келди. Ёшланган кўзларини енги билан сидириб
ташларкан, бўриваччаларга сўнгги бора маъюс қаради-да, ҳимоясиз қолган қўйлар подаси
ёдига тушиб, ити билан ортига қайтди. Бўриваччалар бегоналар кетишгач,
талашиб-тортишиб, ўлжани еб битирдилар. Қоринлари тўйгач, она бўри атрофида
ўйнамоқчи бўлиб, тишлаб тортқилашарди. Бироқ жонсиз тана бўлган она бўри қум
зарралари устида қимир этмасдан ётарди.
Ориф чўпон оқшом чоғи қўйларни қўрасига қамагач,
овқат олиб келган дўстларига қўйларини ташлаб, содиқ ити билан бўриваччаларнинг
ҳолидан хабар олишга жўнади. Бўриваччалар инларидан одатдагидек отилиб чиқишди.
Бироқ бегоналарни кўришгач, инларига қайтишди. Ориф чўпон кўз ёш тўкканча она
бўрига чуқур ковлаб, уни кўмди. Бўриваччаларни ўзи билан олиб келган қопларга
солгач, капаси томон қайтди. Чўпон уларни бу ерда ёлғиз қолдира олмасди. Чунки
бўриваччалар бу бешавқат саҳрода ёки очликдан ёки бошқа йиртқичларга ем бўлиши
муқаррар эди.
Ориф чўпон бўриваччаларни вояга етгунига қадар боқди.
Сўнгра қашқирларни яна ўз инлари олдига ташлаб кетди. Бироқ бир неча кундан
сўнг, бўрилар яна чўпон олдига қайтиб келишди. Бўрилар чўпоннинг содиқ дўстига
айланишганди. Бу вақтда Олапар ҳам оламдан ўтганди. Ҳайбатли ва келишган
бўрилар Ориф чўпоннинг қўйларини, ўз қондошларидан ҳимоя қилишарди. Бу каби
ажойиб тасодифни, чўпон бобо қишлоқдошларига айтиб беришдан чарчамасди. Ориф
чўпон ҳар гал ҳикояни беиҳтиёр кўзларига ёш олиб, “Ух” тортганча мана шундай
ибратли сўзлар билан давом этирарди:
“Мен ҳаётимда ўз боласи учун йиртқич ҳайвон бўлса-да,
жон фидо қилган она меҳрининг тафтида куйиб кетдим. Мен “Ҳаётда хатоларим
меваси”- дея боласини тирик етим қилаётган “она”ларнинг оғир гуноҳидан юрагим
ўт мисоли ёнди. Болаларим айтингларчи, наҳотки ақл-идрок сохиби бўлган одамзот
меҳр-оқибати бир йиртқич она бўричалик бўлмаса...Наҳотки биз болаларимиз учун
жон фидо қиладиган ота-она бўла олмасак. Чиндан ҳам йиртқичликда одамзотга бас
келадигани йўқ. Она табиат шунинг учун одамзотни турли офатлар ва тузалмас
дардлар билан жазолайди.”
Ориф чўпон ҳар гал ой тўлганида она бўрининг
олислардан болаларини чақириб, “Увиллаган” товуши эшитилиши ҳамда бўрилар ҳам
оналарига жавобан “Увиллаб” жавоб қайтаришини ҳайрат билан айтаркан ҳикоясини
якунларди.
Зебо Зейнур
Сапарова
Зебинисо Давлат қизи
Сурхондарё
вилояти, Термиз шаҳри
04.05.2019 йил
Комментарии
Отправить комментарий