Ернинг фалакиётдаги акси
(илмий-фантастик ҳикоя)
Одамзот
асрлар давомида она сайёрасига фақат ёмонликлар қилиб келди. 2150 йилда ер сайёрасида ҳароратнинг
кескин ўзгариши натижасида, ернинг устки қатламида яшашнинг имкони бўлмай
қолди. Одамлар ертўлалар ковлашиб, уйларини ер остига қура бошлашди. Ғорларда
ҳудди ибтидоий давридагидек ҳаёт кечиришарди.
Аммо ҳарорат кундан-кунга
ошиб бормоқда эди. Ихтирочилар сунъий музларни хосил қилишди. Бироқ бу кашфиёт
ҳам ёрдам бермади. Совуқ шамол пурковчи мосламалар ихтиро қилинди. Лекин бирор
кашфиёт она ерни асл ҳолига қайтара олмади. Одамзот олдида ягона йўл қолганди.
Яшаш учун янги макон яъни янги сайёра топишдек, мураккаб муаммо вужудга келди.
Барча фазогирлар тун-у кун илмий изланишлар билан банд эди. Эндиликда космик
кемаларни учиришнинг имкони мавжуд эмасди. Бу даврга келиб одамларнинг танаси
ҳам силлиқлашиб, тим қора рангга кирганди. Оқ одамларни учратиш қийин эди.
Қизил танли кишилар, бошқаларга нисбатан кўп эдилар. Ўзбек ўғлони бўлган
фазогир Шерзод Олимов ўз хонасида, янги кашф қилинган сайёра харитасига қараб
ўтираркан, чуқур ўйга толганди.
Ер юзидаги барча инсонлар мухтож
бўлган сайёра кашф қилинди. Бироқ янги сайёрада ҳамма яшашга ҳақлимикан. У ерни
ҳам чиқиндилар сабаб, дўзахга айлантиришса-чи?! Фикрлар хилма-хил эди. Янги
сайёрада фақат янги авлод яшашга ҳақли, деб ўйларди фазогир. Аммо ёш авлодлар
тажрибасиз эди. Бироқ уларда янги кашфиётлар бисёр эди. Ёшларни бугунги кекса
авлод хатолари сабаб, ер тўлаларда яшаши ноҳақлик деб ҳисобларди фазогир. У
ўрта ёшлардаги, сочига эндигина оқ оралай бошлаган, бўйлари баланд барваста
киши эди. Нигоҳи ўткир, нотиқ бўлиши билан бир қаторда, техник ихтирочи ҳам
эди. Шерзод Олимовнинг эндиги вазифаси, янги қуёш иссиғини қайтарувчи юлдузкесар
космик кема ясаш ва янги кашф қилинган яшаш шароитига эга бўлган “НУР”
сайёрасини ўз кўзи билан бориб кўриш эди.
Хонага ёш фазогирлардан
бири бўлган гўзал қиз Умида кириб келди. Уни кўриши билан капитан Олимовнинг
юзига табассум югурди. Чунки қизнинг исми унга келажакдаги ишга умид бағишлаганди.
Бу мушкул юмушни биринчи бўлиб ўзбек фазогирлари амалга ошириши жуда муҳим
воқеа эди.
-Ассалому алейкум! Капитан
Шерзод Муродуллаевич, сизни олдингизга техник ихтирочилар келишди. Чақиртирган
экансиз.
Улар ўзаро телопатия
услубида мулоқот қилишаётган эдилар. Чунки ривожланиш сабаб, оғиз билан фикр
алмашиш ортиқча юмуш ҳисобланиб, махсус қулоқчинлар ёрдамида миядан туриб,
масофа орқали фикр алмашиш йўлга қўйилганди.
-Айтинг, киришсин.
Бир неча ёш йигит-қизлар хонага
кириб келишди. Уларни капитанни сусти босди, шекилли бир чеккада туриб қолишди.
Фазогир сезгир эди. Дарҳол ўрнидан туриб ёшларга пешвоз чиқди. Ўғил болалар
билан қучоқлашиб, қизлар билан қўл бериб бирма-бир кўришгач, уларни ўтиришга
таклиф қилди.
-Ҳурматли келажагимиз
эгалари, сизлар билан биргаликда муҳим кашфиёт устида йиғилдик. Агар бугун бу
сайёрани тарк қилиш йўлини топмасак, яқин йилларда барчамиз қирилиб кетамиз.
Эътиборингизни экранга қаратишингизни сўрардим. Ернинг устки қатлами аллақачон,
иссиқ алангали майдонларга айлангани барчамизга маълум. Аммо тез-тез кучли
ёнғинлар содир бўлаётгани, осмонга қайноқ булоқларга айланган уммонларнинг суви
буғ ҳолида чиқаётгани, жуда катта хавфни вужудга келтиради. Агар бу буғлар бир
ерга йиғилиб, қайноқ ёмғир ҳолида ёғса, қиёмат бўлади. Ҳаммамиз тириклайин
куйиб кул бўламиз.
-Капитан, ҳаммамиз бу фожиа
бўлишидан олдин, заҳар билан осон ўлиш имконимиз ҳам борку, -деди кўзлари маюс
тортиб қолган Севара исмли ихтирочи қиз.
-Синглим, аммо бизда ҳозир
умид бор. Сизлар ёшсизларку, ўлим ҳақида эмас, яшаш ҳақида ўйлашингиз керак.
-Қанақа умид ҳақида
гапираяпсиз, капитан Шерзод Муродуллаевич?-деди яна бир ёш ихтирочилардан
Аброр.
-Янги сайёра “НУР”. У
барчамиз учун янги умид сайёраси бўлажак.
-Янги кўплаб сайёралар кашф
қилинаяпти, аммо у ерда яшаш имкони йўқ. Кислород билан тўйинган ҳаво
йўқку,-деди ёш ихтирочилардан яна бири катта кўзойнак таққан Лола.
-Шунинг учун ҳам янги юлдузкесар
космик кема кашф қилиб, у ерга бориб ўз кўзим билан шароитни ўрганмоқчиман.
Кислородли ҳавога келсак, бошқа моддалардан ҳам кислород ажратиб олиш имконини
берувчи, минглаб техникалар бор-ку, -деди капитан Олимов.
-Бизни бу масалада қандай
ёрдамимиз тегиши мумкин, - дея суҳбатга ниҳоят қўшилди Мардон.
-Биргаликда қуёш иссиғига
дош берадиган, юлдузкесар космик кема ясашимиз керак. Бу қийин ва мушкул иш.
Ҳеч кимни мажбур қилмайман. Аммо бу ҳаммадан сир сақланган ҳолда қилинади.
Оилангиз билан ҳам вақтинчалик барча алоқалар узилади. Ким қолишни истаса
қолсин. Кетувчиларга жавоб, -деди қатъий оҳангда капитан Шерзод Олимов.
-Биз ҳаммамиз сиз билан
қоламиз. Ёш ихтирочиларни раҳбари менман, - деди Мардон.
Ёшларнинг шижоатидан
капитан Олимов руҳиятида, ажойиб жўшқинликни ҳис қилди. Юзига эса уларнинг
мардона жавобидан мамнун табассум югурди.
Ишлар жадал бошлаб
юборилди. Физиклар, кимёгарлар ва бошқа фанларнинг ёш ихтирочилари
лабораторияда жам бўлишган эди. Фазогир айнан ёшларни танлагани бежиз эмасди. У
келажакда яшаб қолишга доимо уларнинг ҳаққи кўпроқ, деб ҳисоблаши билан бирга, ваҳимага
берилувчан кекса авлод вакилларидан кўра, улар билан ишлаш завқлироқ эди.
“НУР” сайёраси устида илмий
тадқиқотлар давом этмоқда эди. Бу сайёрада гарчи астронавтлар яшаш учун имкон
борлигини, қайта-қайта таъкидлашига қарамай, синчков ва қобилятли фазогир
Олимовни нигоҳи тушган, қизил нуқта борасидаги хавотирли ўйлари ва шубҳаларини
барҳам топишига етмас эди. Ўша тош каби қизил нуқта гоҳ-гоҳида сайёра юзида
пайдо бўларди. Қизил нуқта бир тунда кўпайиб ҳам кетди. Бу ҳолат ердагиларни
сергаклантирди. Ниҳоят 6 ой давомида тинимсиз меҳнат эвазига “Ўзбекистон” номли
юлдузкесар космик кема тайёр бўлди. Ёш ихтирочилар хафа бўлишига қарамай, юлдузкесар
космик кема номи “Ҳаёт” деб ўзгартирилди. Чунки юлдузкесар космик кема
ҳалокатга учраса, одамларни ватандан кўнгли қолишига сабаб бўлишини капитан Олимов
истамасди. Бу кема барча ерликлар учун ўз номига мос, янги ҳаёт олиб келишини
ваъда қилаётганди гўё.
Бир ой давомида бўлган
тайёргарликлардан сўнг, учишга рухсат берилди. Капитан йўл ҳозирлигини кўрар
чоғи “Ҳаёт”нинг экипаж аъзолари, ҳақидаги маълумотларга бир кўз югуртираркан,
улар орасида битта аёл ҳам борлиги унинг жахлини чиқарди. Капитан Олимов дарҳол
қўлига радиоприёмникни оларкан, бошлиқ билан алоқага чиқишини маълум қилди.
Бошлиқнинг босиқ ва ҳирқироқ кекса ёшдаги кишиларга хос овози келиши билан
капитан Олимов жахлини ичига ютиб салом берган бўлди. Сўнгра дарҳол мақсадга
кўчди:
-Аёл кишини ҳатарли сафарга
чиқишига шахсан ўзим қаршиман. Ахир бу мантиқсизлик-ку! Сиз қандай рухсат
берганингизга ҳайрон бўлдим.
-Шошилманг, биламан жуда
қизиққонсиз. Сиз у аёл ҳақида ҳеч нима билмай туриб, баҳо беришда янглишманг,
деди бошлиқ.
-Аёл табиатдан нозик
мавжудот, мени билган ҳақиқатим шу. Сиздан илтимос қиламанки, уни экипаж
таркибидан чиқаринг.
-Капитан Олимов, у сиз
кўрган ва билган нозик аёллардан биримас. Суяги юлдузкесар космик кемада
қотган. Болалигидан фазогирлар оиласида катта бўлган. Жуда билимли ва
масъулиятли қиз. Ишонинг, уни кемангизга олганингизга афсус қилмайсиз. Менинг
гапим шу.
Қисқа сигнал овозлар
келишига кўра, бошлиқ алоқани узгани сезилиб турарди. Капитан Олимов аёл киши
доимо машхурлик учун фидойилик қилади деб ҳисобларди. Шундоқ ҳам шубҳаларда
қолган капитаннинг эндиликда ичига чироқ ёқса ёришмасди. Аммо у оиласига буни
сездирмади. Улар билан худди қўшни маҳаллага кетаётгандек, хотиржам табассум
билан ҳайрлашди. Болаларини юзларидан қайта-қайта ўпаркан, кўз ёшларни
кўрсатмаслик учун юзини бурди. Аёли ва ота-онаси билан ҳам ҳайрлашгач, сафар
халтасини қўлига олди. Капитан Олимов остонадан хатлаб ўтиши билан юрагидан
нимадир узилиб тушганини ҳис қилди.
Ўзининг ва бошқа
юртдошларининг келажаги учун ҳам янги сайёрани тадқиқ қилишга бориш кераклигини
капитан Олимов яхши биларди.
“Ҳаёт” номли юлдузкесар космик кемани ёш
ихтирочилар ватан байроғидек безашганини кўриб, капитан Олимовнинг кўзлари жиққа
ёшга тўлди. У кенг оммага экипаж аъзолари билан иллиқ сўзларни айтишаркан,
ҳамма қўл чўзганлар билан ҳайрлашарди.
Бир ой олдин ўтказилган
синовда юлдузкесар космик кема, қуёш иссиғига дош берганди. Ниҳоят ҳамма ўз
жойини эгаллади. Ер усти тўсиқлари очилди. Ичкарига кучли ҳарорат уфуриб кирди.
Капитан Олимов ва бошқа фазогирлар экран ортида дуога қўл кўтарган
ватандошларини кўришди.
Капитан Олимов ҳамма ўз
жойини эгаллагач, ерга сигнал йўллади:
-Ер қабул.
-Ер эшитади.
-Биз учишга тайёрмиз!
-Учишга рухсат берилди.
-Биз учишга тайёрмиз!
-Бирор кутилмаган ходиса юз
берса, дарҳол ортга қайтилсин.
-Маълумот қабул қилинди!
-Старт бериляпти
-Стартга тайёрмиз.
Қудратли ион двигателининг
шовқинидан кема ларзага келди. Бу шовқинга ҳаво ҳароратини совутувчи қўшимча
параклар шовқини ҳам қўшилди. Капитан Олимов ердаги командага маълумот берди:
-Ер, “Ҳаёт” старт олишга
тайёр. Бизда ҳаммаси яхши.
Фазогирларнинг
қулоқчинларида, ердаги навбатчи алоқачиларнинг уларга жавобан:
-Стартга рухсат бераман!-дегани
эшитилди.
Капитан Олимовнинг жиддий
буйруқ овози янгради:
-Диққат, старт!
Кема ўша захотиёқ пайдо
бўлган катта тортишиш кучидан қалқиб кетди. Иккинчи уринишда юлдузкесар космик
кема ер сайёррасини кесиб ўтди.
-Ҳамма белбоғларни боғлашингизни
сўрайман. Ҳозир вазнсизлик ҳолати бўлади.
Битта Зухродан ташқари
ҳамма белбоғларни боғлашга улгурганди. Капитан унга ёмон қараш қилди. Экипаж аъзоларидан
энг ёши яъни эндигини йигирмага кирган Элбек
дарҳол қизни қўлидан тутиб, ўз ўрнига ўтиришига кўмаклашди. Белбоғини ҳам
тоқишда ёрдам берди. Капитан экипаж аъзоларининг аҳилигидан мамнун жилмайди.
Улар ер ҳисобидан бир ой давомида,
ниҳоят янги сайёрага етиб боришди. “НУР” сайёрасига яқинлашишганида, капитан
Олимов ер сайёрасига хабар йўллади. Қўниш олдидан, у экипаж аъзоларига бир-бир
қараб деди:
-Бир неча дақиқалардан сўнг
қўнамиз. Бир-бирингиздан узоқлашманглар. Кемада капитан Зухро ва капитан Элбек
қолади. Мен ва капитан Шавкат сайёрани кўздан кечирамиз. Доимий алоқада бўлиб
турамиз. Кимда савол бор?
-Биз ҳам сайёрани
кўрамизми?-деди Элбек.
-Албатта, ҳар куни алмашиб
мен билан сайёрани тадқиқ қиласизлар.
-Ҳаммаси тушунарли, капитан
Олимов, –деди майин овозда капитан Зухро.
Қўниш муваффақиятли бўлди.
Фазогирлар махсус скофандрларда, юлдузкесар космик кемани қўлларида лазерли
тўпонча билан тарк этишди.
Сайёранинг тупроғи қизғиш
тусда бўлиб, ҳарорати ҳам кескин совуқ эди. Улар бир неча соатда атрофни
кезишиб, деярли бирор янгиликка дуч келишмади. Тадқиқотнинг учинчи куни анча
ичкарига киришгач, ғорга ўхшаш оҳактошлар қотишмасидан бунёд бўлган,
баландликларга дуч келишди. Бу баландликлар ичида баҳайбат ва вахший қуртлар борлигини,
билишмаган фазогирлар бемалол юришарди. Зухро аёл сезгиси билан бу ерда бир
хатарни сезгандек, Элбекни қўлидан қўйиб юбормаган эди. Уни ўз укасидек яхши
кўриб қолганди. Бу сергап йигит ҳозир ҳам жим бўлай демасди. Бирданига
важоҳатли бўкириқларни эшитган фазогирлар қўрқанларидан бақиришга ҳам кучлари
қолмади. Уларнинг қаршисидан чиққан, қизил нуқталари саноқсиз бўлган баҳайбат
қуртлардан бири хужум қилди. Энг ҳайратланарли ҳолат шуки, лазерли тўпонча
ёрдам бермади. Демак қуртларнинг танаси ақлбовар қилмас даражада қалин ҳимоя
қатламига эга ёки лазер нурларига қарши уларнинг танасида нимадир бор эди.
Фазогирлар ортига қарамай югуришди. Алоқа восиатаси орқали космик кемадагиларни
огоҳлантиришга ҳам улгуришди.
Капитан Олимов кимёгар ёш ихтирочиларнинг янги
кашфиёти бўлган, аралашмадан махсус қолибга жойлади-да, янги тўппончани ўқлади.
Бу қоришмани таркибида, оҳактош миқдори кўп эди. Капитан космик кемадан
шошганча отилиб чиқди. Зухро ва Элбек югурганча космик кема томон келишардилар.
Уларнинг ортидан худди эртакларидек, баҳайбат қурт ўрмалаб келмоқда эди.
Фазогирларни панага ўтишга
буйруқ берган, капитан Олимов баҳайбат махлуқни ўққа тутди. Қизиқ ва фавқулодда
ҳолат юз берди, қурт бўлакларга бўлиниб кетди. Бироқ бир неча дақиқадан сўнг,
унинг узилган бўғинлари номаълум узвий боғланмалар орқали боғланиб, уларга
такрор хужумга ўтди. Эндиликда тўрт нафар фазогир якдилликда улкан махлуққа
қарши курашаётганди. Қурт бўлакларга бўлинганида, капитан отишни тўхтатди-да,
Шавкат ва Элбекка қарата, ажралган қурт бўлакларини алоҳида отиш учун яқинроқ
боришга буйруқ берди. Бу буйруқ яхши натижа берди. Қурт қайта тикланмади. Капитан
Олимов қуртни бир бўлагини жуда эҳтиёрлик билан ажратиб олишга топшириқ берди.
Улар юлдузкесар космос кема лабораториясида, янги топилма баҳайбат қуртнинг
ноъмалум танасини ўргана бошлашди. Қуртнинг танасида ўта кучли захар борлиги
аниқланди. Шунингдек, қизил нуқталар орқали, улар узвий алоқада бўлиши таҳмин
қилинди. Бу ўзга сайёралик махлуқнинг жинси аниқланмади. Улар негатив усулда
кўпайиши мумкинлигига шубҳа йўқ эди. Қуртни отишма вақтида ҳам бўлакларга
бўлиниб, қайта тикланишига айнан шу сабаб бўлгани, ерлик фазогирларга маълум
бўлди. Бироқ уларнинг сони маълум эмасди. Бу сайёрада яна бошқа махлуқлар ҳам
бўлиши мумкин эди. Ерликларни бу ерга тез фурсатда кўчиб келиш, имкони йўққа
чиққани фазогирларни ўйлантириб қўйди. Улар сайёрани тарк этишдан олдин,
маҳлуқларнинг асосий емиши нима эканини аниқлаши зарур эди.
Капитан Олимов космос
кемада қолди. Бу мушкул вазифани бажариш учун Шавкат ва Элбекни юборди. Зухро
аёл бўлгани учун унга ишонмас, қолаверса шифокорни асраш ҳам керак эди. Шавкат
ва Элбек кают-комнатасида учиш либосини кийишар экан, уларни жасурлигига хавас
билан қараб турган қизга, хазил аралаш йигитлардан бири деди:
-Капитан Олимов сизга
Зухрохон ҳеч қачон ишонмасалар керак,-дея Шавкат бир кўзини шеригига қарата қисиб
қўйди.
Қиз жавоб бермасидан,
гермошлёмини кияётган, хазилни хуш кўрувчи Элбек сўзни илиб кетди:
-Албатта, мен ҳам капитан
Олимов ўрнида бўлганимда, қиз боладек нозик хилқатга ишонмаган бўлардим, -дея
баланд овозда кулиб юборди.
Зухрохон ёлғон аччиқ
қилгандек, қошларини чимирди-да, йигитларга сўз қотди:
-Аслида капитан Олимов
аёлларга мехрибон инсон. У киши мени синглисидек кўрадилар. Қолаверса, мен
шифокорман кемада қолганим маъқул.
Йигитлар бош ирғаб “тўғри”-дея
ишора қилишди. Улар космоходни чиқиш эшигига келишди. Капитан Олимов йигитларни
бағрига босиб ҳайрлашди.
Фазогирлар бир неча соатдан
сўнг, оҳаклардан бунёд бўлган баландликка дуч келишди. Қуртларни бу томонга
ўтишига айнан шу модда, йўл қўймаганини фазогирлар тушунишди. Қоядек баланд
бўлган оҳакдан тадқиқот учун намуна олишди ва йўлларида давом этишди. Қуртларга
дуч келишганида улар бир ерда тўп бўлишиб, ниманидир ейишаётганини кўришди.
Шавкат қўли билан Элбекка шу ерда қолишини ишора қилди.
Шавкат қуртлар емиши нима
эканини билиш ниятида, қуртларни айланиб ўтди-да, оҳактошли баландлик устига
чиқди. Баландликдан пастга қараганида, қўрқувдан бақириб юбормаслик учун
кўзларини юмиб олди.
Баҳайбат қуртлар ўргимчак
шаклини эслатувчи, улкан ҳашоратни болалари билан ейишаётган эдилар. Бу ерда
кўплаб жонзотлар яшаши аниқ бўлганди. Фазогир баландликдан сирғалиб
тушаётганида, бехосдан бир бўлак оҳак тош қўпарилиб, пастга думалаб шовқин
солганча тушиб кетди. Бу шовқиндан сергак тортган қуртлар ейишдан тўхташди. Ҳаммаёқни
қизил нуқталар босиб кетди. Элбек ўзини баландлик орқасига олди. Бироқ
қуртлардан бири у яширинган жой томон кела бошлади. Шавкат тезда баландликдан
тушиб, Элбекка ёрдамга шошилди. Қурт судралганча Элбек яширинган жойни топди.
Элбек қочмоқчи бўлиб чопганида, уни улкан қурт думи билан уриб йиқитди. Элбек
тўпончадан отган ўқлар тегмади. Қурт уни тутиб, ўрай бошлади. Фазогир танасига
минглаб игналар санчилганини ҳис қилди. Оғриқдан чинқириб юборди. Шавкат кела
солиб, қуртнинг бош қисмини тўхтовсиз ўққа тутди. У бўлакларга бўлиниб кетди.
Элбекни қуртнинг бўлаклари орасидан ажратиб олган капитан, уни суяганча космос
кема томон кета бошлади. Махсус алоқа воситаси орқали, қулоқчинлар ёрдамида космос
кемадагилардан ёрдам сўради. Капитан Олимов жуда эҳтиёткор одам бўлгани сабаб,
қутқарув жараёнида асқотишига ишонган ҳолда, космик кемага бир нечта автомобил-вертолётлардан
олганди. Уларни бирига миниши билан қизга, бир нечта муҳим топшириқларни бераркан,
аёл кишининг матонати баъзида эркак жасоратидан ҳам кучли бўлишини тан олишга
мажбур бўлди. Шу аёлнинг энди оғир кунида унга ва ҳалокатга учраган шерикларига
ёрдами жуда зарур эди. Капитан Олимов космоходни чиқиш эшигига келди.
Тушиш йўлагидан охиста тушгач,
автомобил-вертолётни ишга туширди. Қўлдаги космос ёрдамида шерикларини тез
топди. Уларни автомобил-вертолётга минишларига ёрдамлашиш мақсадида, пастлаб
учди. Ташланган арқонга жароҳатланган шеригини боғлаган Шавкат, бир учини ўзига
боғлади. Автомобил-вертолёт шу ондаёқ тепага кўтарилди. Ярим соатлар чамаси
улар космос юлдузкесар кема ёнида ҳозир бўлишди. Автомобил-вертолётни оҳиста
пастлатган капитан Олимов уларни арқондан холос бўлишини кутиб турди. Сўнгра
автомобил-вертолётни космоходни махсус қутқарув қисмига киргизиб қўйди. У
космоходнинг чиқиш эшигига қайтганида, аллақачон Шавкат суяганча Элбекни
карантин хонага олиб кирганди. Улар вазият ўзгаргани сабаб, қайтишга қарор
қилишди. Фақат ерга эмас, ой сайёрасига бориш зарур эди. Чунки уларда эндиликда
у ерга бориб, бошқа давлатларнинг фазогирларидан Элбекни даволаш учун ёрдам
сўрашдан бошқа имкон қолмаганди.
Уни оғриқлар безовта
қилмаслиги учун оғриқ қолдирувчи ва ухлатувчи дори муолажасини қилган Зухрохон,
чиқиши билан йиғлаб юборди. Чунки захар кучидан Элбекни танаси эрий бошлаганди.
Капитан Олимов ҳаётида биринчи бор бирор чора кўришга ожиз қолганди. Шунда у
экипаж аъзолар таркибига, кекса авлод вакилларидан бир киши олмаганига ичидан
ўзини койиди. Тажриба муҳим эканини бугунги вазият исботлаган эди гўё.
Икки ҳафтада улар ой
сайёрасига етиб боришди. Қўнишдан олдин капитан Олимов Буюк Британиянинг
фазогирларидан рухсат олди. Улар қўниши билан музлатиб қўйилган Элбекка, ёрдамга
шошилган фазогирларнинг мехрибончилигидан, капитан Олимов ва шериклари хурсанд
бўлишди. Афсуски кўрсатилган ёрдамларга қарамай, Элбек вафот этди. Уни танасини
ерга қайтариш хавфли деб топилиб, танаси ёқиб юборилди ва кули чуқур қозилиб,
кўмилди. Капитан Олимов янги “НУР” сайёраси ҳақида бир сўз айтмади. Фақат ой
сайёрасида тадқиқ қилиш ва бу ерга амалий тадқиқот ўтказиш учун кўнгилли
одамлар билан келишга, икки томонлама ўзаро муҳим келишувга эришди. Ҳозирги
лаҳзада энг маъқул йўл ҳам аслида шу
эди. Ерда одамлар сони 20 млрддан ошиқ бўлиб, ой сайёрасига уни бир қисмининг
келиш имкони бўларди холос. “Нур” сайёрасида тадқиқотлар давом этиши керак эди.
Улар икки ҳафтадан сўнг ер сайёрасига қайтишди. Ерликлар томонидан капитан
фазогир Элбек хотирасига мотам маросими уюштирилди.
Капитан Олимовнинг махсус
алоқа ёрдамида бошлиқ билан бўлган қисқа суҳбатдан якунида, бир ойдан сўнг ойда
яшашга рози бўлган кўнгилли кишилар рўйҳат асосида, космос юлдузкесар кемаларда
сафарга чиқиш белгилаб олинди. Капитан Олимов ўзини Элбекни ҳалокатида айбдор
ҳис қиларди. Шу боис ҳам “Ҳаёт” юлдузкесар кемасининг икки ойдан кейинги
навбатдаги “Нур” сайёрасига бўлажак илмий тадқиқот экспедицияси билан бориш
таклифини кескин рад қилди. У оиласи билан ой сайёрасига бўлажак сафарга
тайёрлана бошлади.
(Тамом)
Зебинисо Сапарова (Зебо Зейнур)
Комментарии
Отправить комментарий