Мартин Иден фожеаси ёхуд бир буюк муҳаббатнинг сўниши

“Мартин Иден” китоби буюк ёзувчи Жек Лондон ижоди билан биринчи танишувим эди. Мен адибга ушбу асари учун ғойибона ташаккур айтаман. Романда энг долзарб масалалар хусусан, ўз-ўзини билиш, ўзини ривожлантириш ва шахсни шакллантириш каби муҳим масалаларни ўз ичига олган. Менга айниқса руҳий психологик асарлар жуда ҳам ёқади. Барчамизга маълумки, “Мартин Иден” адибнинг энг машҳур романи ҳисобланади. 

Роман ижтимоий ва фалсафий хусусиятга ҳам эга.  Ёзувчи Жек Лондон таржимаи ҳоли билан яқиндан танишаркансиз, ушбу асар адибнинг автогбиографик асари деб тахмин қилиш мумкин. Бундай ажойиб асар қандай вужудга келган экан-а?! Асар жуда содда ва жўн ёзилган ҳамда воқеалар ривожи ҳам бир оддийгина денгизчи йигит тилидан баён этилган. Бош қаҳрамон кунлардан бир куни тасодиф туфайли зодагонлардан бири Артурнинг ҳаётини асраб қолади. Мартинга миннатдорчилик юзасидан уни кечки тушликка таклиф этади.

Мартин кечки тушликка борганида зодагонларнинг ҳаётига жуда яқин келади. Улар билан танишиш асносида, Рутга ғойибона ошиқ бўлади. Руф ишқида ақлдан озиш даражасига етади. Ўзининг ва зодагонларнинг турмуш тарзини солиштириш асносида жуда улкан тафовутларга дуч келади. Опасига ич-ичидан раҳми келади, шу жумладан ўзига ҳам ачинади. Мартин биргина Руф учун катта марраларни забт этишни, зодагонлар сингари саводли бўлишни, бой ва маданиятли бўлишни олдига мақсад қилади. Рутга лойиқ бўлиш учун астойдил интилади ва уни қаттиқ соф муҳаббат ила севади.

Мартин Иден кеча-ю кундуз китоб мутолаасига берилади. У кутубхонада кўп ўтиради ва кўп китобларни ўқиб тугади. Бироқ у худдики ёш боладек кўп нарсага тушунмайди, аммо хотираси кучли бўлгани сабаб тез ёд оларди. Рут унга таълим бера бошлайди. У мактабда ўқишни истамайди. Рут учун Мартин шунчаки уни завқини келтирувчи лой каби эди. Уни истаган кўйига солиш ва хоҳлаган шаклни ясаши мумкин эди. Бироқ Рут асталик билан унга ошиқ бўла бошлайди. Буни кўп вақт давомида қиз тан олмайди. Иккиси ҳам ошиқ эканини тан олишганда Рутнинг ота-онаси уларни севгисига қарши чиқади. Чунки Мартин камбағал бир денгизчи йигит эди холос.

Йигит икки йил муҳлат олади. Шу вақт ичида машҳур ёзувчи бўлишига жуда ишонади. Бироқ уни ички ишончи қанчалик кучли бўлмасин омад ундан буткул юз ўгиргандек эди гўё. Барча газета ва журналлар уни қўлёзмаларини рад этади. Очликдан чўпдек озиб кетса ҳам у мақсадидан воз кечмайди. Ниҳоят унга машҳурлик ҳамроҳ бўлди. Барча уни ҳурмат қила бошлайди. Бироқ Мартин интилган барча нарсалар ва одамлар сохта эканидан хабардор бўлади. Ясама муносабатлардан безади. Мабуда даражасига чиқариб қўйган қўл етмас гўзалини ҳам ташландиқ кўчалардаги аёллардан сира фарқи йўқлигини англайди. Биргина фарқ либослар ва хашамлар эди холос. Онг деярли икки тоифа инсонларда ҳам бир хил эди.

Ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлади. У барчасидан қутилиш чорасини топгандек бўлади. Инсонлар муносабатидек совуқ бўлган денгизга ўзини улоқтириб, бу фоний дунё билан видолашади. Кучли қалб эгасининг ёлғонлар оламида нафас олишга-да қийналиши табиий ҳол эди. Адиб асарида жуда муҳим ва долзарб муаммоларни қаламга олган. Ушбу асар қалбимнинг туб-тубига оғриқ берди ва бир соф одамни жирканч муҳит сабаб эрта ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлгани жуда ачинарли фожеадир. Унинг буюк муҳаббати ҳам ўзи сингари сўниб борди ва буткул ўчди.

Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романи бу – жаҳон мумтоз асаларидан бири бўлиб, ҳар бир китобхон ўқиши шарт асарлардан биридир.

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога