Она тилим – миллат кўзгуси

(“Тил миллат кўзгуси” танлови учун мақола)

Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.

Ш.М.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Бугунги кунда она сайёрамизда 7 мингдан зиёд тил бўлиб, шундан фақатгина 200га яқини давлат тили ва расмий тил ҳисобланади. Бу давлат тили мақомига эга тиллар орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги бизга ўзгача ғурур ва ифтихор туйғусини беради. 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида тарихимизда муҳрланди.



Мустақиллигимиз ҳам айнан ўзбек тилида бутун жаҳонга эълон қилинди. Шунингдек, асосий қомусимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳам ўзбек тилида қабул қилиниши тилимиз нуфузини янада орттирди. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси ҳам юртимиз ғалаба қозонганида ўзбек тилида дунёга жаранг сочади.

2019 йил 21 октябр санасида “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Перзиденти фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда 21 октябр санаси мамлакатимизда “Ўзбек тили байрам куни” сифатида нишонланиши белгилаб қўйилди.

Ўзбек тилининг жаҳон миқёсидаги нуфуси ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Бугунги кунга келиб ер юзининг 50 миллионга яқин аҳолиси ўзбек тилида сўзлашмоқда. Шунингдек 2020 йил 23 сентябрда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатларининг Бош Ассамблясининг 75-сессиясида тарихимизда илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзбек тилида нутқ сўзлади. Ушбу нутқни соф ўзбек тилида тинглаган ҳар бир фуқаромиз ўзгача ғурур ва ифтихор туйғусини ҳис қилгани шубҳасиз.

Ҳар бир миллатнинг қадриятлар асоси албатта ўзининг миллий тили билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланади. Тарихимиздан аёнки халқимиз жуда кўп урушларни ва зулмларни бошдан ўтказгани сир эмас. Халқимизни мустамлака қилган давлатлар биринчи навбатда тилимизни йўқ қилишга ҳамда тарихимизни сохталаштиришга астойдил ҳаракат қилишди. Бироқ жонкуяр адибларимиз ва зиёли иноснлар ва жафокаш халқимизнинг букиб бўлмас иродаси сабаб, ўзбек тили зиён-захматларсиз бугунги кунгача биз авлодларга етиб келди.

Момоларимиз ўз аллаларида ўзбек тилининг бор жозибаси ва сеҳрини тараннум этишган ва ушбу анъана бугунги кунга келиб ҳам барҳаётдир. Ўзбек тилининг нақадар бой ва бетакрор эканини мутаффакир Мир Алишер Навоий бобомиз ҳам улкан маънавий меросида кўрсатдилар. Зеро, шоир ўзининг байтларида гўзал мисралар билан тилимизга юксак баҳо беради:

“Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам”.

Маърифатпарвар жадид адабиёти даврида ҳам ўзбек тилига ўзгача ҳурмат ва эхтиром адибларимиз томонидан кўрсатилди. Миллатимизни мустакамлачилардан озод қилиш йўлида, ўзларининг ширин жонларини ҳам қурбон қилишди. Миллатни бор бўйи-бастини кўрсатадиган либос ҳам аслида унинг тилидир. Ўзбек тили буюк халқдир, унинг тили ҳам номи сингари улуғдир. Абдулла Авлоний бобомиз таъкидлаганларидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир”.

Афсуски, аксарият ҳолатда ўзбек тилидан фойдаланишда беписандлик қилаётган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас. Улар ўзбек тилини ўзлашма тиллардан ташкил топган ҳамда мустақил тил эмас дея даво ҳам қиладилар. Неча минг асрлик йилларга тенг тарихига эга бўлган тилимизни камбағал ҳисоблайдилар. Уларга жавобан биринчи бўлиб ўзбек адабиётида романчиликка асос солган адибимиз Абдулла Қодирийнинг фикрларини келтириш кифоя қилади: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.

Ўзбек тилини тўла англаш ва бу тил имкониятларидан тўла фойдаланиш учун саводхонлик даражаси ҳам бўлиши талаб этилади. Мен ўзим сингари ёш дўстларимга кўпроқ ўзбек тилида китоб мутолаа қилишларини тавсия этган бўлардим. Тилимизга ҳурмат кўрсатиш учун биринчи навбатда бошқа тилларни устун қўймаслик керак. Фақат бир тилда равон фикрни етказишни одат қилишимз зарур. Ўзбек тилида сўзлаб туриб бошқа тиллардан ўринсиз фойдаланиш ҳам тилмизга кўрсатилган ҳурматсизликни ёрқин намунасидир. Четдан кирган ва ўзлашган сўзлар бундан мустасно албатта. Бизнинг вазифамиз кейинги авлодларга ҳам тилимизнинг бор таравоти билан етиб боришини таъминлашдан иборат. Бежизга ота-боболаримиз тилимизни она қиёсламаган. Она тилида сўзламоқ ва уни қадрламоқ, шу юртни фарзандиман деган ҳар бир инсоннинг юксак ва муққадас бурчидир.

Сўнгги сўз ўрнида, ўзбек адабиётида халқимиз суйган шоир Абдулла Ориповнинг “Она тилим” шеъри билан ниҳояласак:

 

Минг йилларким булбул каломи

Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.

Аммо шўрлик тўтининг ҳоли

Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

 

Она тилим, сен борсан, шаксиз,

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!

 

                                                                                              Зебинисо Сапарова

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри ёш ижодкор

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога